Ўзбекистон ҳукумати «Сурхондарё вилоятида қишлоқ хўжалиги экин майдонлари тузилмасини такомиллаштириш бўйича чоралар тўғрисида»ги қарорини қабул қилди, дея хабар қилмоқда Uzdaily.uz сайти.

Ҳужжат, қишлоқ хўжалиги экинларини, минтақа тупроқ-иқлим шароитларини эътиборга олган ҳолда рационал жойлаштириш, қишлоқ хўжалигиэкин майдонлари тузилмасини такомиллаштириш ҳисобига ер-сув захираларидан самарали фойдаланиш, фермер хўжаликлари иқтисодий ва молиявий барқарорлигини ошириш ҳамда Сурхондарё вилояти экспорт имкониятларини кенгайтириш мақсадида қабул қилинган. 

Унда қайд этилишича, минтақада пахта етиштириш учун 2016 йилда ажратилган 117,1 минг гектар экин майдонлари 2019 йилга қадар 90,3 минг гектаргача қисқартирилади. Бошоқли дон экинлари учун ажратилган ер майдонлари ушбу даврда 98 минг гектардан 93 минг гектаргача камайтирилади. 

Қарорга мувофиқ, картошка етиштириш учун 2,1 минг гектар, сабзавот учун 17,7 минг, илдизмеваларга 4,4 минг гектар, чорва озуқа экинлари учун 4,1 минг гектар, ёғ-мой ўсимликларига 2,2 минг гектар ва бошқа турдаги экинларга 1,3 минг гектар қўшимча экин майдонлари ажратилади.
 
Натижада вилоят 2019 йилга келиб пахта толаси хом-ашёси етиштиришни 264 минг (-64,8 минг) тоннагача қисқартиради ҳамда дон маҳсулотларини 474 минг тонна (+20,6 минг), картошка 118 минг тонна (+52 минг), сабзавотлар 890 минг тонна (+390 минг), мевалар 172 минг тонна (+60 минг), чорва озуқаси 125 минг тонна (+60 минг), ёғ-мой ўсимликлар ҳосили 5,5 минг тонна (+5,2 минг) ва бошқа экинлар ҳосили 182 минг (+27 минг) тоннага кўпайтиради.