Шу йилнинг 7-9 ноябрь кунлари “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ҳамда мамлакатнинг туризм соҳасида фаолият юритувчи бизнес жамоаси делегацияси «World Travel Market – 2016» халқаро кўргазмасида иштирок этади. У Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида ташкил этилади. 

“Ўзбектуризм” миллий компанияси матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистоннинг ягона миллий бурчагида туризм соҳасидаги халқаро профессионаллар учун республика сайёҳлик салоҳияти намойиш этилади. 

«WTM» – бу жаҳон сайёҳлик ва меҳмондўстлик соҳасидаги йирик ҳалқаро воқелик ҳисобланади. Унда дунёнинг деярли барча мамлакатларидан келган 5 мингга яқин компания иштирок этади. 

Ўзбекистон «World Travel Market» кўргазмасида 2009 йилдан иштирок этиб келади. Анжуманда 10 мингдан ортиқ профессионал харидорга Ўзбекистоннинг энг яхши туристик маҳсулотлари ва савдо белгиларини тақдим этиш имконияти мавжуд. 

Кўргазма якунлангач, Ўзбекистон Республикасининг Лондондаги элчихонаси биносида Буюк Британия туризм бизнеси ва ОАВ вакиллари учун ақдимот маросими ташкил этилади. Шунингдек, икки мамлакат туроператорлари ўртасида «В2В» шаклида учрашувлар ташкил этилади. Маросимда қатнашган меҳмонлар ўзбек миллий таомларидан татиб кўриш имкониятига эга бўладилар.