Интернет-нашрларда 14 ноябрда кутилаётган суперой ҳодисаси фаол муҳокама қилинмоқда: ушбу тунда Ой бизнинг сайёрамизга рекорд даражада яқинлашади ва бу ажойиб воқеани Ўзбекистон аҳли кузатиши мумкин. 

Суперой - бу тўлиной ёки янги ойнинг Ер билан максимал даражада яқинлашуви кузатиладиган астрономик ҳодиса. Бу ҳодиса эллиптик орбита натижасида содир бўлади, унда Ой бизнинг сайёрамиз атрофида айланади. Мазкур ҳодиса туфайли Ердан Ой дискини одатдагидан анча катта ҳажмда кўриш мумкин бўлади. 

Суперой ёғдусини Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой ҳамда  бу давлатлар яқинидаги мамлакат ва шаҳарларда кузатиш мумкин. Бу ҳақида 1news.uz нашри хабар берди. 

Олимлар яқинлашиб келаётган космик ҳодисани видео ва фотокамераларга муҳрлашга арзигулик ноёб ҳодиса, деб ҳисоблашмоқда.

Манбага кўра, ҳар йили 2-5 марта тўлиқ қуёш тутилиши ва 0-2 марта тўлиқ ой тутилиши кузатилади. 2016 йилда эса қуёш тутилиши - 2 марта кузатилади , ой тутилиши эса - 0. 2016 йилнинг 14 ноябрида суперой ҳодисаси Ойнинг Ерга яқинлашуви билан деярли бир вақтга тўғри келади. Ой яқинлашуви ва тўлиной ўртасидаги вақт 3 соатдан кам бўлади. Бу ноёб ҳодиса 14 ноябрдан 15 ноябрга ўтар кечаси рўй беради. Олимларнинг сўзларига кўра, суперой ҳодисаси 14 декабрда ҳам кутилмоқда, фақат у бу қадар ажойиб кўринишда бўлмайди.