АҚШ президентлигига муддатидан олдинги сайловларда рекорд сондаги сайловчилар қатнашди. Келиб чиқишига кўра лотин америкалик бўлганларнинг фаоллиги кузатилган, бу эса Ҳиллари Клинтонга устунлик тақдим этади. Бу ҳақда Associated Press хабар берган.

Почта орқали ёки сайлов участкаларида 46,27 миллион киши ўз танловини амалга оширган.

Маълум қилишинишича, рекорд кўрсаткичлар 28та штат ва Колумбия округида қайд этилган. Бу орқали 2012 йилги рекорд янгиланди.

AP тахминларига кўра, муддатидан олдинги овозларнинг умумий сони 50 миллионтага етиши мумкин, бу сайловларда иштирок этадиганлар умумий сонининг 40 фоизига тенг бўлади. 4 йил олдинги сайловда муддатдан олдинги сайловда 46,22 миллион киши (35 фоиз) овоз берганди.

Шимолий Каролинадаги кўрсаткичлар, бу ҳудудда истиқомат қилувчи қора танли америкаликларнинг сайловга қизиқиши жуда паст даражада эканини кўрсатмоқда. 2008 ва 2012 йилларда бу штат аҳолиси сайловларда нисбатан фаолроқ бўлганди. Шу билан биргаликда демократларни қўллаб-қувватлаётган келиб чиқишига кўра лотин америкаликларнинг фаоллиги кескин ошган. Бу эса сайловда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган Флорида штатида Клинтонга устунлик бериши кутилмоқда. Республикачилар вакили Дональд Трамп эса Шимолий Каролинада ва Флоридада ғалабага эриша олмаса, сайловни ютқазиши тайин.

АҚШда умумий сайловлар 8 ноябрь куни бўлиб ўтади. Сайловчилар президент ва вице-президентни сайлаши, шунингдек, Вакиллар палатасининг барча 435 аъзосини, 100 нафар Конгресс сенаторларининг 34 нафарини, 12та штат ва иккита ҳудуд губернаторларини ҳамда 15та йирик шаҳар мэрларини қайта сайлаши керак.