Буюк Британияда ўқувчисининг бошига китоб билан урган ва телефонини деразадан улоқтирган ўқитувчи аёл таълим бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Аёл ўзини айбдор деб ҳисобламайди, шу боис у дарс бериш ҳуқуқи учун курашмоқда. Бу ҳақида Daily Mail нашрида хабар берилди. 

Жанубий Уэльсдаги 55 ёшли ўқитувчи Регина Ҳангерфорд нопрофессионалликда айбланиб, ўқитувчи бўлиб ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Манбага кўра, у ўқувчисининг бошига китоб билан урган ва унинг мобил телефонини деразадан улоқтирган.  

Ҳозир Ҳангерфорд маҳаллий Таълим кенгаши олдида ўзининг профессионал ўқитувчи эканлигини исботлашига тўғри келмоқда. 

Ўқитувчининг сўзларига кўра, у ўқувчини урмаган, лекин ҳақиқатдан ҳам унинг телефонини деразадан ташлаб юборган. 

Ҳангерфорднинг таъкидлашича, 17 ёшли ўқувчи - Шейн Женкинс дарс вақтида қулоқчинларини тақиб, видео кўриб ўтирган бўлган. Ўқитувчи ундан видео кўришни бас қилиб, телефонини четга олиб қўйишни сўраган. Ўсмир эса "Сиз мени бунга мажбур қила олмайсиз", деган. 

Ўқувчининг сўзлари педагогнинг жаҳлини чиқарган ва у партага китоб билан урган, кейин эса ўсмирнинг мобил телефонини деразадан ташлаб юборган. 

29 йиллик иш стажига эга Ҳангерфорд ўзининг ҳаракатларини нопрофессионал, деб ҳисобламайди. 

Бироқ Шейн Женкинс (ўқувчи) ўқитувчининг баланд овозда қичқиргани ва китоб билан партага эмас, унинг бошига урганини таъкидламоқда. Ўсмир телефонини четга олиб қўйишни истамаганлигини педагогнинг дарсга кечикиб келганлиги билан изоҳлади. 

Мазкур ҳолатни ўрганиш ишлари давом этмоқда.  Ҳангерфорд таълим бериш ҳуқуқини қайта қўлга киритишга муваффақ бўладими ёки йўқ - ҳозирча номаълум.