Чекишни ташлашга ҳаракат қилаётган кишиларнинг одатий тактикаси молиявий ёки физиологик баҳолашга бориб тақалади: ҳар ойда сигаретага қанча пул сарфланади ёки ҳаёт давомийлиги қанчага қисқарди. Олимларнинг чекишнинг зарарига доир сўнгги тадқиқоти саломатликка етадиган зиённи янада батафсил баҳолаш имконини беради. Бу ҳақида theverge.com сайтида маълумот берилди. 

Тадқиқот давомида Лос-Аламос миллий лабаратория мутахассислари 1063 нафар тамаки маҳсулотларини чекмайдиган ҳамда 2490 нафар чекувчи кишининг ДНКсини ўрганиб чиқишди. Изланишдан мақсад - мутацияларни аниқлаш бўлган. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, чекилган ҳар 50 сигаретадан кейин ҳужайралар ДНКсида битта қўшимча макромолекула ўзгариши кузатилган. Бу ўзгариш генетик ахборотни сақлаш ва уни етказишга масъул ҳисобланади. Шундай қилиб, бир кунда бир пачка (20та) сигарета чекувчи кишиларда 150 қўшимча ўпка ДНК мутацияси, 97 - томоқ, 23 - оғиз бўшлиғи, 18 - сийдик пуфаги ва 6 - жигар ДНК мутациялари пайдо бўлган.

Ҳужайралардаги ўзгаришлар умуман олганда хавфли бўлмаслиги мумкин, лекин уларнинг ҳар бири саратон ўсимталарининг ривожланишига олиб келиши мумкин. "Чекиш рус рулеткасига қиёсланади: қанча кўп чексангиз, шунча кўп генлар мутацияси содир бўлади ва охир-оқибат улар саратон касалликларига олиб келади", - дея таъкидлашмоқда тадқиқотчилар. "Шунга қарамай, бутун ҳаёти давомида чекишдан зиён кўрмаган оз бўлса-да, жуда ҳам омадли кишилар топилади".

Мутациялар сабаби тамаки тутунидадир. Унда 7000га яқин турли кимёвий бирикмалар мавжуд, улардан 70таси саратоннинг ривожланишига олиб келади. Олимлар жамоаси бу борадаги изланишларини давом эттириш ва тамаки маҳсулотларининг организм ҳужайраларига салбий таъсирини тўлиқ таҳлил қилишни режалаштирган.