БААнинг Дубай шаҳри транспорт департаменти ва Американинг Hyperloop One компанияси ўзаро шартнома имзолади. Унга кўра, томонлар Абу-Даби ва Дубай шаҳарлари ўртасида товушдан тез ҳаракатланувчи Hyperloop транспорт тизимини барпо этиш имкониятларини ўрганади.

Амирликда чоп этилувчи Khaleej News нашрининг ёзишича, товушдан тез, вакуумли Hyperloop ("Гиперхалқа") поезди, назарий жиҳатдан соатига 1200 км тезликкача ҳаракатланиши мумкин. У барпо этилса, Дубай шаҳридан БАА пойтахти Абу-Дабигача бўлган масофани 12 дақиқада ортда қолдириш мумкин. Бу тизимдан йўловчилар ва транспорт воситаларини ташишда фойдаланилади. 

Аввалроқ, Дубайдаги жаҳоннинг энг йирик порт операторларидан бири DP World компанияси контейнерларни туширишда Hyperloop технологиясидан фойдаланишга қизиқиш билдирган эди. 

Hyperloop – пўлат қувурлардан иборат тизим бўлиб, унинг ичига поезд, аниқроғи аэродинамик "ёстиқча"даги герматик капсула жойланади. Ғоя муаллифи – миллиардер Илон Маск ҳисобланади. У Tesla Motors электромобиллар ишлаб чиқарувчи ва Space X ракетасозлик компанияси асосчиси ҳамдир.