Эрон миллий нефть компанияси ва Франция-Хитой-Эрон халқаро консорциуми Жанубий Форс йирик табиий газ конининг 11-участкасини ўзлаштириш бўйича келишувни имзолади. "Tasnim News Agency" агентлигининг хабар қилишича, битим қиймати 4,8 млрд долларни ташкил этади. 

Халқаро консорциум таркибига Франциянинг Total, Хитойнинг CNPC (China National Petroleum Corporation) ва Эроннинг Petropars нефть компаниялари киради. Жанубий Форс конининг 11-участкасида газ қазиб олиш ишлари 2020 йил мартида бошланиши кутилмоқда. 

Жанубий Форс – дунёдаги энг йирик табиий газ кони ҳисобланади. Унинг захираси 13,8 трлн куб метр деб баҳоланмоқда. Эрон ўтган асрнинг охирларидан мазкур конни босқичма-босқич ўзлаштириб келади.