Филиппин президенти Родриго Дутерте АҚШ билан ҳарбий соҳадаги келишувларни бекор қилмайдиган бўлди, бироқ ўзаро ҳарбий тадбирлар камроқ ўтказилади, деб маълум қилди Филиппин мудофаа вазири Дельфин Лорензана. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.  

Унинг айтишича, Филиппиннинг АҚШ билан хавфсизлик борасидаги иттифоқчилик муносабатлари, жумладан америкалик ҳарбийларнинг Филиппинда жойлашишини кўзда тутувчи келишув ҳам барбод қилинмайди.

"Бу келишувлар кучда қолади. Улар бекор қилинмайди. Бироқ биз тадбирлар сонини камайтирамиз", деб айтган Лорензана.

Аввалроқ Филиппин президенти унинг давлати икки йил ичида хорижий ҳарбийлардан халос бўлишини айтганди. АҚШ  Филиппинни минтақадаги асосий иттифоқдошларидан бири деб ҳисоблайди. Томонлар мунтазам равишда қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиб келишади.