Хитойда товуш тезлигидан юқорироқ тезликка эриша оладиган кемаларга қарши дунёдаги учинчи ракета Хитойдаги кўргазмада намойиш қилинди.

Хитойнинг China Aerospace Science and Industry Corp давлат корпорацияси Чжухайда ўтаётган халқаро аэрокосмик кўргазмада энг замонавий СМ-302 кемаларга қарши ракетасини намойиш қилди. Хитойликлар ўз ишланмаларининг асосий афзаллигини унинг универсаллигида кўрмоқдалар: ракета кемалар, самолётлар ҳамда мобил мажмуаларда ўрнатилиши мумкин, деб хабар бермоқда "Regnum" ахборот агентлиги.

Ракетанинг учиш узоқлиги 290 км ни ташкил қилади ва унинг яратувчиларининг таъкидлашича, бундай бир ракета 5000 тонналик сув сиғимдорлигига эга эсминецни "кулини кўкка совуришга" етарлидир. Ракетанинг бошқарув тизимида кўпчилик маълум бўлган ракеталарга қарши тизимларни четлаб ўтишга имкон берувчи махсус алгоритм қўлланган.

Бу ракета пайдо бўлгунча фақатгина иккитагина ракета товушдан тезроқ ҳаракатлана олган, булар Россиянинг П-800 "Оникс" ва Россия-Ҳиндистоннинг PJ-10 BrahMos ракеталаридир. Энди Хитой ракетаси бу ракеталарга рақобатчи бўлади. Хитойликларнинг айтишича, ракетага ҳозирданоқ ўнлаб давлатлар қизиқиш билдирган. Ракета экспорт қилинишга тайёр ва уни ишлаб чиқариш бўйича ҳеч қандай муаммолар йўқ.