Мексикада самолёт йўловчиларини номаълум сабабларга кўра самолёт бортида эркин юрган илон қўрқитиб юборди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Воқеа 6 ноябрда Aeromexico авиакомпаниясининг Торреондан Мехикога учиб кетаётган самолётида юз берган. Интернетда жойлаштирилган лавҳаларда яшил рангдаги илон юқоридаги юк бўлимларидан ўрмалаб чиқиб, сўнгра пастга осилиб олганини кўриш мумкин.  

Самолёт Мехикода қўнгандан кейин унга мутахассислар кириб, илонни ушлаб олишган. Авиакомпания илон қандай қилиб самолёт салонида пайдо бўлганини аниқлаш бўйича тергов бошлаб юборган.