Италиялик таниқли мутахассис Фабио Капелло «Барселона» ҳужумчиси Лионель Мессининг ўйинидан ҳайратланишини яшириб ўтирмади.

У бу аргентиналик футболчини футбол қироллари Пеле ҳамда Марадона билан бир қаторга қўйишини билдирган.

Бундан олдинроқ «Севилья» бош мураббийи Хорхе Сампаоли Испания чемпионатининг 11-турида «Барселона»га қарши кечадиган учрашув олдидан «Олтин тўп»ни иккита қилиш кераклиги, бирини Месси учун, иккинчисини қолган футболчилар учун таъсис қилиш кераклигини айтиб ўтганди. Учрашувда Сампаоли шогирдлари ҳисобни очган, кейинроқ Месси бир гол уриб ва бир голга узатма бериб, жамоаси ғалабасини таъминлаганди.

«Сампаолининг гапига қўшиламан, «Олтин тўп» иккита бўлиши керак. «Севилья»га қарши ўйинда кўрганларимиз - бу футболнинг энг юқори савияси.

Пеле, Марадона ва Месси - футбол тарихидаги учта энг буюк футболчилардир. Одамлар уларнинг ўйинини кўрганларида тик туриб қарсак чалганлар ва чалмоқдалар. Кўрсатаётган ўйини учун Мессига раҳмат», дея Капеллонинг сўзларини келтирган  A Bola.