Косовонинг Гнилане шаҳрида яшовчи Дритон Сельмани ўз гаражида ноёб Lamborghini Reventon суперкарининг нусхасини ясади. Бу ҳақда Gulf Headlines нашри маълум қилди. 

Сельмани қимматбаҳо машинанинг нусхасини яратиш учун бир йилга яқин вақт сарфлади. "Ревентон" нусхаси Mitsubishi Eclipse купеси негизида қурилди ва Mitsubishi Galant’нинг уч литрли 200 от кучига эга V6 двигатели билан жиҳозланди. 

Суперкар кузовига Албания байроғини билдирувчи қизил-қора полосалар туширилди.  

Оригинал Lamborghini Reventon 2008 йилда тақдим қилинган. Ўрта моторли суперкар 6,65 литрли, 650 от кучига эга, V12 двигатели билан жиҳозланган. Reventon 100 км/соатга 3,4 сонияда эриша олади, максимал тезлиги эса 340 км/соат ни ташкил қилади. Суперкардан бор-йўғи 20 дона ишлаб чиқарилган.