Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 8 ноябрь куни Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Видеоконференция шаклида ташкил этилган учрашувни “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Р.Ҳайитов очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили С.Мансурова йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.

Сайловолди дастури “Адолат” социал-демократик партияси мақсад ва вазифалари асосида ишлаб чиқилган. Унда инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш, инновация ва инновацион инфратузилмаларнинг ягона ваколатли органини таъсис этиш, инновация жамғармасини тузиш каби устувор вазифалар белгиланган.

Дастурда экология соҳасини комплекс ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, табиат ифлосланишининг олдини олиш, чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дарахтлар сони ва турини кўпайтириш, шаҳарлар ва саноат корхоналари атрофида яшил зоналар барпо этиш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга қаратилган аниқ механизмлар ишлаб чиқилиши зарурлиги қайд этилган. Бу, хусусан, Навоий шаҳри ҳавосининг мусаффолигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда долзарб аҳамият касб этади.

Учрашувда Кармана туманидаги 4-умумтаълим мактаби директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Г.Сатторова, Навоий кончилик коллежи директори Ш.Норов, Навоий шаҳридаги “Spark-Advokatus” адвокатлик фирмаси ҳуқуқшуноси Ш.Фозилова, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилояти филиали директори Ю.Маликов ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури ҳақида фикр билдирди. Сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.