Samsung компанияси ўзининг навбатдаги флагманини одатдагидан кечроқ тақдим этади, ақлий салоҳиятга эга овозли ёрдамчиси эса унинг асосий янги функциясига айланади. Бу ҳақида The Wall Street Journal хабар берди. 

Манбага кўра, Galaxy Note 7 смартфонлари батареяларининг ёниш ҳолатлари билан боғлиқ ҳодисалар туфайли Samsung ўзининг S-серияли навбатдаги флагманини одатдагидан кечроқ намойиш қилади. Корейс компанияси 8 февралда Барселонадаги Mobile World Congress кўргазмасида оммага Galaxy S8 қурилмасини тақдим этиши керак эди, бироқ энди янги флагман намойиши апрелга кўчирилди. 

Нашрда таъкидланишича, S8'нинг асосий хусусияти ақлий салоҳиятга эга янги функцияси бўлиши кутилмоқда. Компания ўзининг бошқа IT-маҳсулотларига ҳам бу технологияни киритмоқчи. 

Бундан ташқари, Weibo ижтимоий тармоғида тарқалган маълумотларга кўра, Galaxy S8 "Уйга" тугмасидан "маҳрум қилинади". Қурилмага бармоқ изларининг ультратовушли сканери ўрнатилиши тахмин қилинмоқда. 

Октябрь ойи бошларида ОАВда Galaxy S8 устидаги ишлар икки ҳафтага тўхтатилгани ҳақида хабар тарқалганди, бунга компания муҳандисларининг Galaxy Note 7 билан боғлиқ муаммолар билан шуғулланганлиги сабаб қилиб кўрсатилган.