Туркия миллий валютаси – турк лираси кетма-кет тўртинчи йил қадрсизланмоқда. 8 ноябрда турк лираси АҚШ долларига нисбатан рекорд даражада қадрсизланди, унинг курси 1 АҚШ долларига 3,1853 лирани ташкил қилди. Бунга Туркия саноат ишлаб чиқариши ҳақидаги маълумотлар Туркиянинг ялпи ички маҳсулоти 3-чоракда қисқариши мумкинлигини тасдиқлагани сабаб бўлди. 

Бундан ташқари, турк мухолифатига сиёсий босим ўтказиш билан боғлиқ хавотирлар кучайди, деб ёзмоқда Hurriyet нашри.

Туркияда саноат ишлаб чиқариши сентябрда августдаги 2,2 фоизга кўтарилишдан кейин тўсатдан  3,1 фоизга қисқариб кетди. Туркия ҳукумати валюта бозорига аралашмоқчи эмас, деб маълум қилди Туркия иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи.

Эслатиб ўтамиз, лиранинг курси 2015 йил охиридан айни вақтга келиб 8,1 фоизга қадрсизланиб кетди ва ривожланган давлатлар валюталари ўртасида қадрсизланиш суръатлари бўйича фақатгина аргентина песосидан олдинда бормоқда.