Туркия ва АҚШ Суриянинг Раққа шаҳрини жангарилардан озод қилиш бўйича биргаликдаги режани келишиб олдилар. Бу ҳақда АҚШ қуролли кучлари генерали Жозеф Данфордга иқтибос келтирган ҳолда CNN Turk хабар бермоқда.  

"Туркия ва АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Раққани озод қилиш, уни ушлаб туриш ва бошқариш бўйича узоқ муддатли режани амалга оширади", деб айтган генерал.

Таъкидланишича, Данфорд 6 ноябрда Анкарага ташриф буюриб, у ерда туркиялик ҳамкасби, Туркия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи Хулуси Акар билан учрашган. Музокаралар вақтида Раққани озод қилиш бўйича операция бошлангандан кейин ундаги вазият муҳокама қилинган.  

"Сурия демократик кучлари" қуролли коалицияси АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари кўмагида 6 ноябрда ИШИД жангариларининг Суриядаги пойтахти бўлган Раққани озод қилиш бўйича операция бошлашди. Туркия аввал бу операцияда курд кучларининг иштирок этишига кескин қарши чиққанди. "Сурия демократик кучлари"нинг негизини айнан курд тузилмалари ташкил қилади.