Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмонов 8 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.  

Видеоконференция тарзида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А.Қирғизбоев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Х.Ешимбетов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Хатамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади. 

Хатамжон Кетмонов мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида Қорақалпоғистон Республикаси саноати изчил ривожланаётган ҳудудга айлангани, хусусан, Қўнғирот сода заводи, Устюрт нефт-газ кимё мажмуаси, Хўжайли шиша заводи, Қўнғирот карбид, Нукус мармар ва кабель заводлари каби замонавий ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилгани мамлакатимиз иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Дастурда қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, имтиёзли ва бепул малакали тиббий-санитария хизмати кўрсатилишини тартибга солувчи қонун ва ҳужжатлар ижроси устидан тизимли назоратни кучайтириш, фармавцевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ҳамда дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш, дори воситалари рекламасини чеклаш каби муҳим вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.