“Ўзэкспомарказ”да  Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси очилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. 

Форумда АҚШ, Буюк Британия, Италия, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон, Қозоғистон каби ўттиздан зиёд мамлакат қайта ишлаш ва савдо компаниялари, савдо ташкилотлари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги вазирлик ва идоралар, логистика компаниялари вакиллари ҳам қатнашмоқда. 

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси маълумотларига кўра, ярмарка якунлари бўйича қиймати 2 миллиард доллардан зиёд мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 270 шартнома имзоланган. Экспорт қилинадиган маҳсулотларнинг 27 фоизини сабзавот, 25 фоизини узум, 20 фоизини мева, 17,6 фоизини қуритилган ва қайта ишланган маҳсулотлар, 8,4 фоизини дуккакли маҳсулотлар, 2 фоизини қовун ташкил қилган. 

Биринчи Президентимизнинг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириш, боғдорчиликни ривожлантиришда дастуриламал бўлмоқда. 

Унга кўра, халқимиз дастурхони тўкинчилигини янада тўлароқ таъминлаш мақсадида истиқболда озиқ-овқат экинлари майдонларини кенгайтириш режалаштирилмоқда. 170 минг 500 гектар суғориладиган ерларга дон ва дуккакли дон, сабзавот, картошка, мойли ва озуқа экинлари, бошқа ўсимликлар экилади, боғ ва узумзорлар барпо этилади. 

2016 йил 19 сентябрдаги Мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишни рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорда жорий йилнинг 20 сентябридан бошлаб мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушадиган валюта тушуми мажбурий сотув ставкаси 25 фоизни ташкил этиши белгилангани экспорт билан шуғулланувчилар учун яна бир қулайлик яратди.

Унда  янги, қуритилган ва қайта ишланган мева-сабзавот, узум ва полиз маҳсулотларини экспортга етказиб бериш юклаб жўнатиладиган маҳсулот қийматининг камида 30 фоизини олдиндан тўлаш шартларида амалга оширилиши, қолган қисми учун тасдиқланган банк аккредитиви очилиши ёхуд биринчи классли хорижий банк кафолати расмийлаштирилиши ҳам кўрсатилган. 

Ярмарка доирасида мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчилар ва уларнинг ҳамкорлари иштирокида давра суҳбатлари, музокаралар ташкил этилиши, ярмарка қатнашчиларининг интенсив боғларга, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналарга, совутиш комплексларига ташриф буюришлари ҳам режалаштирилган.  

Халқаро мева-сабзавот ярмаркасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У.Розуқулов сўзга чиқди.