8 ноябрь куни Америка Қўшма Штатлари фуқаролари мамлакатнинг келгуси 4 йилдаги сиёсатини белгилаб олиш борасида ўз қарашларини билдиришди. Бу ҳақда, Kun.uz сайти тезкор хабарларни тақдим этиб борди. 

Айтиш жоизки, кўпчилик экспертлар, 2016 йилги АҚШ президентлик сайловолди кампанияси ҳам ўта қизғин ва баҳс-мунозараларга бой бўлган. Номзодлар бир-бирларининг ғурури ва обрўсини поймол қилишгача боришган. Ҳатто, давлат раҳбари Барак Обама, аввалги президентларда кузатилмаган сайловолди фаоллигини намойиш этган ва ўз партиядоши Ҳиллари Клинтонни елкама-елка қўллаб қувватлаган. 

Мамлакатнинг 50 штати ва Колумбия федерал округидаги овоз бюллетенларига Ҳиллари Клинтон, Дональд Трамп ва Либертариан партияси номзоди Гэри Жонсон исми-шарифи киритилди. "Яшиллар" номзоди Жилл Стейн эса 45та штатдаги бюллетенларда қайд этилди. 

Сайловлардан аввал, сўнгги бор ўтказилган умуммиллий ижтимоий сўровларга кўра, Клинтонни сайловчиларнинг 45-47 фоизи, Трампни 41-43 фоизи қўллаб-қувватламоқда. Жонсонга 5-6 фоиз, Стейнга 2 фоизга яқин сайловчилар овоз бериши мумкинлиги айтилган эди. 

Бу сафарги сайловларда, АҚШ тарихида илк марта 200 млндан ортиқ сайловчи ўз ҳуқуқидан фойдаланган. Уларнинг сезиларли қисми сайлов кунигача ўзларининг сиёсий қарашини изҳор қилишга улгурган. US Elections Project тадқиқот хизматига кўра, муддатидан аввал овоз бериш ҳуқуқидан 41,1 млн сайловчи фойдаланган. 

Айтиш жоизки, Америкадаги президентни сайлаш жараёни бошқа мамлакатлардаги бевосита сайловлардан сезиларли фарқ қилади. Аслида, сайловчилар бюллетендаги номзод номини белгилаш билан ҳар бир штатдан АҚШ президентини сайлаш ҳуқуқига эга бўлувчи сайловчиларга овоз берган бўлишади. Шу билан бирга, штатда қайси номзод ғолиб чиқса, ушбу ҳудуддан сайловчилар овози тўлиғича унга берилади. Бунда, рақиб томонга берилган овозлар сони инобатга ўтмайди. 

Сайловчилар бевосита президент ва вице-президентни сайлашмайди, аксинча давлат раҳбарини сайлайдиган, таъбир жоиз бўлса, воситачиларни сайлашади. Уларнинг умумий сони Вакиллар палатаси ва сенаторлар, Колумбия федерал округидан уч вакилнинг жами сонига тенг бўлади. Шундай қилиб, 538 кишидан иборат сайловчилар коллегиясининг қўллаб-қувватлашига эришиш учун президентликка номзод ушбу коллегияда ўзининг тарафдорлари сонини камида 270 нафарга етказиши керак. Небраска ва Мэн штатларидан ташқари барча штатлардаги қоидага кўра, аксарият кўпчилик овозни тўплай олган номзод ушбу штат сайловчи-воситачиларининг умумий сонига эгалик қилади.

Сайловнинг дастлабки натижаларига кўра, Дональд Трамп Сайловчилар коллегиясида 288 нафар тарафдорга эга бўлиш билан ўзининг ишончли ғалабасига эришган. Ҳиллари Клинтон 215 нафар сайловчини ўз тарафига оғдиришга эриша олган. 

Одатда, Оқ уй раҳбарлиги учун кураш ғолиби сайловлар кунининг кечасида аниқ бўлса-да, уни расман якунлаш жараёни бироз узоққа чўзилади. Фақатгина 19 декабрда Сайловчилар коллегияси янги президент ва вице-президент учун овоз беришади. 2017 йил 20 январда янги президент қасамёд қабул қилади ва вазифасини бажаришга киришади. 

Сайловчилар овози ҳисоблангач, воситачилар сони 270 нафарга етган номзод сайловда ғалаба қозонган ҳисобланади. Мағлуб бўлган томон эса, анъанага кўра, ошкора мағлубиятини тан олиши ва рақибини ғалаба билан қутлаши керак. Айни шу жараён, янги сайланган президентнинг "қонуний ғолиб деб тан олиниши йўлидаги илк қадам ҳисобланади".