АҚШ президентлиги учун республикачилар номзоди Дональд Трамп Айова штатида ғалаба қозонмоқда, деб хабар қилган Fox News телеканали.

Трампга сайловчиларнинг 50,3 фоизи ишонч билдирган бўлса, Ҳиллари Клинтонга 44 фоиз сайловчи овоз берган. Бу рақамларни NBC телеканали ҳам тасдиқламоқда.

Етакчи телеканаллар ва Ассошиэйтед пресс ахборот агентлиги ўзларининг статистик моделларига асосланган ҳолда штатлардаги ғолибларни тахмин қилмоқда. Албатта, булар расмий бўлмаса-да, эътиборга молик ҳисобланади.
 
Айова – АҚШ ўрта ғарбидаги штат бўлиб, 3 млн аҳоли истиқомат қилади. Штатдан Сайловчилар коллегиясига 6 киши сайланади. Номзодлар, ушбу коллегиянинг 270 нафар аъзосини ўз тарафдори бўлишига эришса, президент бўла олади. Мазкур штат аниқ бир партия тарафдори ҳисобланмайди, аммо 1988 йилги сайловлардан бери фақат демократлар номзодига (2004 йил мустасно) овоз бериб келган.