АҚШ президенти лавозимига муддатдан аввалги сайловлар натижаларига асосланган Slate нашрининг норасмий прогнози сайлов натижалари учун муҳим ҳисобланган штатлар – Флорида, Огайо ва Невадада устунликни Хиллари Клинтонга бермоқда, бироқ яна бир муҳим штат, анъанавий равишда "демократларни қўллаб-қувватловчи" ҳисобланган Пенсильванияда кутилмаганда Дональд Трамп етакчилик қилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Клинтоннинг Флоридада Трампдан устунлиги сайлов участкаларига муддатдан аввал келган 3,7 млн кишидан 100 мингдан кўпроқ овозни ташкил қилмоқда. Клинтонга 48,3 фоиз, Трампга 45,5 фоиз сайловчилар овоз берган. 

Невадада Клинтон Трампдан 32 минг овозга, Огайода 53 минг овозга устунлик қилмоқда. Невадада Клинтонни сайловларга муддатдан аввал келган сайловчиларнинг 46 фоизи, Трампни 45,4 фоизи қўллаб-қувватлаган; Огайода бу кўрсаткичлар мос равишда 47,8 ва 43,9 фоизни ташкил қилмоқда.  

Колорадода Клинтон 46,3, Трамп ундан 2,7 фоиз камроқ овоз тўплаган.

Бироқ аввал Клинтон ғалаба қилиши кутилган Пенсильвания штатида Трамп анча устунлик қилмоқда: унга 49,7 фоиз, Клинтонга 42,7 фоиз сайловчилар овоз берганлар.

Пенсильвания 20 нафар сайловчилар овози билан АҚШдаги президентлик сайловларининг натижасини белгиловчи муҳим штатлардан ҳисобланади. Трамп Пенсильванияда ютиши керак, Клинтон бу штатсиз ҳам ғалабага эриша олади. Пенсильвания 1992 йилдан бери Демократлар партияси номзодига овоз бериб келаётган эди. Бу штатда 12,7 млн одам яшайди, унинг энг йирик шаҳарлари Филадельфия ва Питтсбург ҳисобланади.