Мексика президенти Энрике Пенья Ньето АҚШни президентлик сайловлари ўтгани билан табриклади ва унинг ғолиби – Дональд Трамп билан ишлашга тайёрлигини билдирди. Мексика президенти тегишли баёнотни твиттердаги расмий сайтида жойлаштирди.

"Мексика ва АҚШ Шимолий Американи рақобатбардош қилиш ва ривожлантириш учун ҳамкорликни давом эттириши лозим бўлган дўст, ҳамкор ва иттифоқдошлардир. Мексика ва АҚШ ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат ришталарини мустаҳкамлашда давом этадилар, деб ишонаман", деб айтди Ньето.

Трамп Оқ уйга келгандан кейин бошқа давлатлар билан савдо келишувлари шартларини қайта кўриб чиқишга ваъда берган. Жумладан, у эркин савдо ҳақида Шимолий Америка келишувини "фалокат" деб атаган. Бу келишувга Канада, АҚШ ва Мексика киради. Бундан ташқари, Трамп Мексика билан чегарада ноқонуний муҳожирлардан ҳимояланиш учун девор қуришини айтган. 

АҚШ Мексиканинг бош савдо ҳамкори ҳисобланади. 2015 йилда икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 530 млрд доллардан ошиб кетган. Мексика томони маълумотларига кўра, АҚШда 33,5 млн мексикалик яшайди, уларнинг АҚШ иқтисодиётига қўшадиган ҳиссаси ЯИМнинг 8 фоизини ташкил қилади.