Бугунги кунда аксарият қисми ачинарли аҳволга келиб қолган минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларга ҳам эътибор қаратадиган вақт келди. Бу ҳақда O‘zLiDeP Матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Ушбу ғоя Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридаги ижтимоий соҳани ривожлантириш борасидаги «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилини изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш борасидаги белгиланган тадбирларида ўз ифодасини топган. 

Сайловолди дастурига киритилган минтақавий ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларни ҳамда йўл-транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш дастури мамлакатимиз ривожи учун қанчалик долзарб эканлиги мана бу рақамларда яққол кўринади. Хусусан 75 минг километр ёки 64 фоиз ички йўлларимиз таъмирталаб аҳволда. Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг бир қисми ҳеч қандай қопламасиз, яъни тупроқ йўллардир. Шунингдек, 9 минг 500 километр йўлларни реконструкция қилиш талаб этилмоқда.

Шунинг учун янги дастурда умумий фойдаланишдаги 1 минг 700 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, аҳоли учун ўта муҳим бўлган 10 минг 400 километрлик хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, туман марказлари, кичик шаҳарчалар ва қишлоқ жойлардаги маҳалла кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш режалаштирилмоқда. Бу дастурни амалга ошириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Йўл жамғармаси ва «Ўзавтойўл» компаниясининг ташкилий тузилмаси ва фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилади.

Мазкур дастурнинг мантиқий давоми сифатида Қишлоқлар ва шаҳарларда транспорт хизматини янада яхшилаш дастури ҳам ишлаб чиқилади. Бу дастурга асосан 74 та автовокзал ва автостанция реконструкция қилинади ва йўловчиларга қулай шарт-шароитлар яратилиб, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Янги 3 мингта автобус, 5 минг 700 та микроавтобус сотиб олиниб, 300 дан ортиқ янги автобус йўналишлари очилади ва мавжуд йўналишлардаги эскирган автобуслар янгиланади.

Шу билан бирга, ҳаво ва темир йўл инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида аввало, Тошкент халқаро аэропортининг янги терминалини барпо этиш, Бухоро – Мискин темир йўл тармоғи қурилишини якунига етказиш ва электрлаштириш, Қарши – Термиз, Поп – Наманган – Андижон – Қўқон темир йўлларини электрлаштириш ишлари ҳам кўзда тутилмоқда. Шуни таъкидлаш лозимки, соатига 1,5 минг йўловчига хизмат кўрсатадиган янги халқаро терминал қурилиши 2019 йил охирига қадар якунланиши режалаштирилмоқда. Тошкент аэропортини Марказий Осиёнинг боғловчи аэропортига айлантириш, шунингдек, мамлакат рақобатбардошлилигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 336 миллион доллардан ошади. Яна бир қиймати 283,1 млн. долларга тенг Бухоро – Мискин темир йўл тармоғини қуриш лойиҳаси эса Ўзбекистондан Қозоғистон ва Россияга юк оқимини ошириш имкониятини беради. Қурилиш лойиҳаси иккита босқичда амалга оширилади. Дастлаб тепловозли тортишдаги темир йўл таркиблари ҳаракатланиши учун участка қурилиши кўзда тутилган. Сўнгра, узунлиги 396,3 километрга тенг мазкур участка электрлаштирилади.

Халқимизда йўл қадрини юрган билар, деган ҳикматли нақл бор. Партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида одамларни ҳаётдан рози қилиш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Элим деб, юртим деб ёниб яшаётган, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаол иштирок этиб келаётган ҳар бир юртимиз фуқаросини президентлик сайловларида  Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодига овоз беришга чақирамиз.