Россия президенти Владимир Путин 9 ноябрь, чоршанба куни республикачи Дональд Трампни АҚШ президентлиги сайловларида ғолиб бўлганлиги билан муборакбод этди. Бу ҳақида Кремль расмий сайтида хабар берилди. Россия раҳбари Трампга телеграмма йўллаб, унинг давлат раҳбари лавозимидаги фаолиятига омад тилади. 

Шу билан бирга, Владимир Путин Россия-Америка муносабатларини инқироз ҳолатидан олиб чиқиш йўлида ҳамкорлик қилишга умид билдирди. 

Россия президентининг сўзларига кўра, Москва ва Вашингтон ўртасида конструктив мулоқот ташкил этиш нафақат икки мамлакат, балки бутун дунё ҳамжамияти манфаатларига жавоб беради. Путин бу йўлда "тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат" тамойилларига асосланиб, ҳаракат қилиш муҳимлигини таъкидлади.