АҚШ Республикачилар партияси Конгресснинг қуйи палатаси - Вакиллар палатасида кўпчилик ўринга эга бўлди. Бу ҳақда Associated Press хабар берган.

Ғалаба учун улар 218та ўринни эгаллаши лозим бўларди. Ҳозирда улар айнан қанча ўринга эга бўлгани аниқ маълум қилинмади. Лекин дастлабки ҳисобларга кўра, демократлар икки палатада ҳам устунликни қайтаришга эриша олишмаган. Республикачилар Вакиллар палатасида 224 та ўринга эга бўлди.

Ҳозирги Вакиллар палатасида республикачилар 247 та ўринни назорат қилади. Шу тариқа, улар палатани бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолади.

Конгресснинг икки палатаси учун сайловлар президентлик сайловлари билан параллел тарзда кечмоқда.

Бундан ташқари, республикачилар АҚШ сенатида кўп ўринга эга бўлиши мумкин. Охирги маълумотларга кўра, республикачилар ҳозирча 100та ўриндан 48та, демократлар эса 44та ўринга эга бўлган.

Қайд этиш керакки, сўровлар Америка Сенатида демократлар кўпчиликни ташкил қилишини кўрсатганди.

Бундан олдинроқ, республикачи Жон Маккейн олтинчи марта сенатор бўлгани ҳақида хабар берилганди.