Жорий йилнинг 10–11 ноябрь кунлари Тошкентда «Фундаментал ва амалий физика ривожланишининг янги тенденциялари: муаммолар, ютуқлар, истиқболлар» мавзусида халқаро симпозиум бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Кун»га Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети матбуот хизмати маълум қилди.

Анжуман Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети томонидан Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.

Симпозиум давомида назарий ва экспериментал физика, астрофизика муаммолари, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш масалалари, физика фани янгиликлари муҳокама қилинади.

Университетда симпозиумга тайёргарлик кўриш учун тузилган ташкилий қўмита фаол равишда иш олиб борди. Университет профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалар ректорат билан ҳамкорликда қисқа муддатда кенг қамровли ишларни амалга оширишган.