АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси қўшма штатлар фуқароларини мазкур республикада террорчилик ҳужумлари эҳтимолидан огоҳлантирди.

«АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси террорчилар гуруҳи одамлар гавжум жойларда ёки Афғонистон билан чегара участкаларида ҳужум уюштириш мумкинлиги ҳақида ахборот олди. Бу Тожикистон ҳудудида террорчилик ҳужуми бўлиши ҳақидаги сўнгги маълумотдир», — дейилган элчихона хабарида.

Элчихона АҚШ фуқароларига гавжум жойлардан четда бўлиш, жамоат транспортига чиқмасликни ҳамда лагер ва Тоғли Бадахшон вилоятига саёҳатга бормасликни тавсия қилган.

Илгарироқ Афғонистоннинг шимолий туманлари полицияси бошлиғи ОАВга «Толибон» жангарилари хориж террорчилари Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудига сездирмасдан кириб олишлари учун Қундуз вилоятига ҳужумни кучайтиришганини билдирганди.

Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара хизмати бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, шу йилнинг январидан сентябрь ойигача Афғонистон билан чегара ҳудудида 22та тўқнашув содир бўлган ва бу тўқнашувларда 12 нафар афғонистонлик гиёҳванд моддалар ташувчилар йўқ қилиниб, 15 нафари қўлга олинган.

Аҳолиси 8,5 миллион кишини ташкил этувчи Тожикистон Афғонистондан Марказий Осиё, Россия ва Европага чиқадиган гиёҳванд моддалар ташиладиган асосий маршрутдаги илк давлат ҳисобланади.

Душанбе чегаралар хавфсизлигини таъминлаш чоралари учун ҳар йили 164 млн доллар сарфлайди.

Тожикистонда Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган.

Август ойида АҚШ Тожикистонга Афғонистон билан чегарасида назоратни кучайтириши учун техник жиҳозлар сотиб олишига 12 млн доллар берганди.