Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари биринчи хоним Мишель Обамадан 2020 йилги президентлик сайловларида номзод сифатида иштирок этишни сўрашмоқда. Бу ҳақда US Magazine хабар берган.

«Улар Обаманинг рафиқаси қайтишини исташмоқда. Дональд Трампнинг Ҳиллари Клинтон устидан шокка солувчи ғалабаси ортидан одамлар Мишель Обаманинг 2020-йилги сайловларда иштирок этишини истаб қолишди», – дея ёзган нашр.

Кейинги 8 йил давомида Обама хоним америкаликларнинг энг севимли сиёсатчиларидан бирига айлангани эътироф этилган.

Ижтимоий тармоқдагилар #Michelle2020 ҳештеги билан ёзишмоқда.

«Мишель Обама учун кампания бошлашга ҳали вақтли эмасми?», дея ёзган твиттер фойдаланувчиларидан бири.

Яна бир фойдаланувчи эса, Мишель Обама сайловда қатнашиб, ғолиб бўлса, мамлакатнинг биринчи қора танли аёл президенти бўлишини айтиб ўтган.

Яна бир фойдаланувчининг фикр билдиришича, президент Трамп Ҳарри Поттер ҳақидаги эртаклар қаҳрамони Долорес Амбридж, яъни Альбус Дамблдор ўрнига «Хогвартс» мактабига келган директордан фарқи бўлмайди.

«Биз қандай қилиб Мишель Обама Оқ уйга қайтишига ёрдам беришимиз мумкин?» – дейилган яна бир твитда.

Обама хонимнинг ўзи бунга қадар давлат раҳбари бўлиш учун интилмаганини айтиб ўтганди. Унинг фикри турмуш ўртоғи Барак Обама томонидан ҳам маъқулланган.