Демократлар партиясидан Ҳиллари Клинтоннинг сайловолди кампаниясидаги рақибларидан бири, Вермонт штати сенатори Берни Сандерс АҚШ президентлигига сайланган республикачи Дональд Трамп билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда, сенаторнинг расмий сайтида эълон қилинган баёнотда сўз юритилган. 

"Дональд Трамп ўрта синф йўқолиб боришидан ғазабини изҳор қилди, унга ҳукуматдагиларнинг иқтисодий тизими, сиёсати ва ОАВ ёқмади", - деб таъкидлаган сенатор. Унинг сўзларига кўра, АҚШ фуқаролари "кам ҳақ эвазига кўп ишлашдан ва муносиб ҳақ тўланадиган ишлар Хитой ҳамда бошқа мамлакатларга кетиб қолаётганидан", "энг бойлар эса янада бойиб бораётганидан чарчаган".

"Трамп мамлакатдаги ишчи оилаларнинг турмушини яхшилашга қаратилган сиёсатни жиддий тарзда юритиш аҳдида турар экан, мен ва тараққиётнинг бошқа тарафдорлари у билан ишлашга тайёрмиз", - деб уқдирган Сандерс. Шу билан бирга, сенаторнинг ишонтиришича, агар республикачи президент "ирқий, инсонларга нафрат ва атроф-муҳитга қарши сиёсатни юритишни олиб боргудек бўлса" Сандерс унга кескин кураш олиб боради.

Сандерс Демократик партиянинг саралаш бочқичида Клинтон билан курашган, аммо мағлуб бўлганди. Шу йилнинг июль ойида у президентлик курашидан чиқди ва собиқ рақибасини қўллаб-қувватлашини билдирди. 

8 ноябрь куни АҚШ президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Дональд Трамп 289 сайловчининг овозини тўплашга муваффақ бўлиб, Клинтон билан курашда ғолиб бўлди.