Португалиялик мутахассис Андре Виллаш-Боаш Хитойнинг «Шанхай-СИПГ» клубига бош мураббий қилиб тайинлангач, дунёнинг энг кўп маош олувчи мураббийлари орасида учинчи ўринга кўтарилди.

Қуйида фақат клубларда фаолият кўрсатадиган энг кўп маош оладиган мураббийлар хусусида сўз юритамиз. 

1. Хосеп Гвардиола, «Манчестер Сити» - 16,8 млн евро

"Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола бу рўйхатда биринчи ўринда турибди. "Шаҳарликлар" билан тузган шартномасига кўра, у йилига 16,8 миллион евро миқдорида маош олади. Унинг қўл остида жамоа чемпионатни жуда яхши бошлаган эди. Бироқ охирги турларга келиб "шаҳарликлар" ўйинида пасайишлар кузатилмоқда. 

2. Жозе Моуриньо, «Манчестер Юнайтед» - 15,5 млн евро

Португалиялик мутахассис "Манчестер Юнайтед"да фаолиятини бошлади. У клубдаги ишлаган вақтидаги ҳар бир йили учун 15,5 миллион евродан маош олади. Айтиш керакки, Жозенинг ҳам ишлари аввалигдек эмас. Жамоа турдан-турга очколарни йўқотмоқда. Мағлубиятлар "Манчестер Юнайтед"ни тарк этмаяпти. 

3. Андре Виллаш-Боаш, «Шанхай-СИПГ» - 12,3 млн евро

"Челси", "Тоттенҳэм", "Зенит" клубларидаги фаолияти билан танилган Андре Виллаш-Боашга Хитойдан таклиф кутилмаганда рўй берди. "Шанхай СИПГ" молиявий томонлама жуда бақувват жамоа эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Свен Ёран Эрикссон кетганидан кейин бу мураббийга таклиф билан чиқишди. Ўз навбатида Виллаш-Боашга Европа клубларидан жиддий таклиф бўлавермаганидан кейин у чин юртида фаолият олиб боришни лозим топди. 

4. Карло Анчелотти, «Бавария» - 10 млн евро

Тиниб-тинчимас бу мураббий ҳам "Бавария"да кам маош олмайди. Йилига 10 миллион лимонга эга бўлади. Агар клуб қўйилган вазифаларини уддасидан чиқса, Анчелотти янада кўп маблағга эга бўлади. 

5. Арсен Венгер, «Арсенал» - 9,3 млн евро

"Арсенал"ни узоқ йиллардан бери бошқариб келаётган Арсен Венгернинг маоши ҳамон камтарона бўлиб келмоқда. Клуб Венгернинг дунёдаги энг кўп маош оладиган мураббий қаторига киритмаган. Тез орада томонлар янги шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Шунда Венгернинг маоши кўтарилиши мумкин. 

6. Зайниддин Зидан, «Реал» - 9 млн евро

Франциялик афсонавий футболчи "Реал"ни ёмон бошқармаяпти. Флорентино Перес Зиданга тўлиқ ишонмоқда. Бироқ Зидан аввалги мураббийларга қараганда клубда кам маош олмоқда. Моуриньо, Анчелотти ишлаган кезларида "Реал"да жуда катта маош олишган. Зидан эса йилига 9 миллион евро маош олмоқда. Ҳозирча бу унга етарли бўлмоқда. 

7. Юрген Клопп, «Ливерпуль» - 7,8 млн евро

"Ливерпуль"ни жиддий ўзгартира олган Клопп ҳам АПЛдаги энг бой мураббийлар қаторида 4-ўринда туради. У "мерсисайдликлар"да йилига 7,8 миллион евро маош олади. Клубнинг бу йилги кўрсатаётган натижалари туфайли раҳбарият Клопп билан янги шартнома имзолашни режалаштирмоқда. Янги шартнома орқали Клопп маошини ошириб олиши мумкин.

8. Луис Энрике, «Барселона» - 7,8 млн евро

Энрике ҳам тез орада "Барселона" билан янги шартнома имзолайди. Агар келишув амалга ошса, Луиснинг ҳам маошида кескин ўзгариш кузатилади. Ҳозирда у Юрген Клопп билан бир хил миқдорда маош олмоқда. Янги битим орқали у маошини кўтариб олиши кутилмоқда. 

9. Антонио Конте, «Челси» - 7,3 млн евро

Италиялик мураббий Антонио Конте ҳам яхши даромад эгасига айланмоқда. "Челси" охирги ўйинларида натижаларини яхшиламоқда. Натижада, Роман Абрамович Конте билан келишувни узайтирмоқчи. 

10. Рональд Куман, «Эвертон» - 6,7 млн евро

Ўнликдан "Эвертон" бош мураббийи Рональд Куман жой олди. "Ирис"ларни бошқаргани учун у йилига 6,87 миллион евро маош олмоқда. "Саутҳэмптон"да ишлаган вақтида эса у бундандан камроқ маошга эга бўларди. Янги клубдан бўлган чорловнинг асосий сабаби Куманга яхши маош таклиф қилингани бўлди. 

11. Унаи Эмери, «ПСЖ» - 6,3 млн евро

ПСЖнинг янги бош мураббийи йилига 6,3 миллион евро маош олади. Аввалги мураббийларга қараганда, у кам кўрсаткич. Эмери жамоани қабул қилиб олганидан бери натижаларда пасайиш бўлмоқда. Клуб Франция чемпионатида пешқадамлик қила олмаяпти. Бунга Эмерининг клуб муҳитига мослашиб кета олмаганлиги сабаб бўлмоқда. 

12. Маурисио Почеттино, «Тоттенхэм» - 6 млн евро


"Тоттенҳэм"нинг ўртамиёналар қаторидан грандга олиб чиққан Почеттино ҳам дунёда энг кўп маош оладиган мураббийлардан бири ҳисобланади. Ҳозирда "шпорлар" раҳбарияти Почеттино хизматига йилига 6 миллион евро миқдорида маош тўламоқда. 

13. Рафаэль Бенитес, «Ньюкасл» - 5 млн евро

Бенитес айни вақтда элит лигада ишламаётган бўлишига қарамай, кўп маош олмоқда. "Ньюкасл" ҳозирда чемпионшипда тўп сурмоқда. Испаниялик мутахасссис эса йилига 5 миллион евродан маош олмоқда. 

14. Диего Симеоне, «Атлетико» - 4,9 млн евро

"Атлетико"ни юқори даражага олиб чиқаётган Диего Симеоне йилига 4,9 миллион евро маош олмоқда. У ҳам тез орада клуб билан янги шартнома имзолайди. Шу орқали Симеоне молиявий имкониятларини янада кўтариб олиши кутилмоқда. 

15. Массимиллиано Аллегри, «Ювентус» - 4 млн евро

Охирги 15-ўринни эса Массимиллиано Аллегри эгаллади. Турин клуби устози эса йилига 4 миллион евродан маош олмоқда. Лекин бу кўрсаткич Италия А серияси жамоалари орасида етакчидир. Италиялик мураббийлар қаторида эса Аллегри учинчи ўриндан жой олган.