Туркия президенти Ражаб Тойиб  Эрдўған Дональд Трампга қўнғироқ қилди ва уни АҚШнинг 45-президенти бўлгани билан қутлади. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Туркия раҳбари маъмуриятидаги манба берган маълумотга кўра, Эрдўған телефон орқали суҳбатда Трампнинг Оқ уй раҳбарлигидаги фаолияти муваффақиятли кечишига умид билдирган.

Туркия президенти Туркия ва АҚШ иттифоқчилар саналишига урғу қаратган. У икки мамлакат муносабатлари ўзаро ҳурмат, умумий манфаатлар ва умумий қадриятлар асосида қурилганини таъкидлаган.

Қайд этилишича, мулоқот ижобий муҳитда бўлиб ўтган. Эрдўған ва Трамп терроризмга қарши кураш, шунингдек, минтақавий ва халқаро миқёсдаги бошқа мавзуларда гаплашишган.

Бундан олдинроқ Эрдўған Дональд Трампнинг АҚШ президентлигига сайланиши Америкада янги давр бошлаб бериши ҳақида айтиб ўтганди.