АҚШнинг янги сайланган президентининг сайловолди кампанияси менежери Келлиан Конуэй Ҳиллари Клинтон иши бўйича махсус прокурор тайинланиши эҳтимолини инкор этмади. У бу ҳақда MSNBC телеканалида қилган чиқишида маълум қилган.

Трамп вакилининг қайд этишича, у сўнгги вақтларда бу масалани Трамп билан муҳокама қилмаган, бироқ, бу «вақти келганда» юз бериши мумкин.

Унинг сўзларига кўра, айни вақтда Трамп ва унинг вице-президент Майкл Пенс «мамлакатни бирлаштириш усулларини қидирмоқда». «Бироқ, биз бу масалани ҳозирча муҳокама қилганимиз йўқ, ўйлайманки, вақти келганда бу ҳам ҳал бўлади», — деган Трамп менежери.

8 ноябрь куни АҚШ адлия вазирлиги Клинтон иши бўйича тергов жараёни чўзилиб кетиши мумкинлигини маълум қилган эди. Собиқ давлат котибининг шахсий почта серверидаги мактубларни таҳлил қилишга беш йил талаб этилади. 

Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп АҚШ президентлиги учун сайловларда ғалаба қозонгани хусусида аввал хабар қилинган эди. Буни Associated Press, Bloomberg ва Washington Post ўтказган ижтимоий сўров натижалари ҳам тасдиқлайди. Унинг рақиби, демократлар номзоди Ҳиллари Клинтон мағлубиятини тан олиб, Трампни ғалаба билан қутлаган эди.