“Сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган тушунтириш тадбирларида “оилавий” овоз бериш ҳолларининг, яъни бир сайловчи бир нечта сайловчи учун овоз бериши ҳолларининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу мавзуда 100 мингдан ортиқ ташвиқот плакати тайёрланди, уларни одамлар кўп тўпланадиган жойларга жойлаштириш давом эттирилмоқда”, – деб таъкидлади Ўзбекистон МСК раиси “ЎзА” миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Хусусан, МСК раисининг сўзларига қараганда миллий сайлов амалиёти тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш чоғида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада оширишга қаратилган тадбирлар дастури қабул қилинди.

Дастурда аҳолининг барча қатламларини, жумладан хотин-қизларни, ёшларни, фахрийларни, имкониятлари чекланган шахсларни, ҳарбийларни, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, ўқув юртлари вакилларини, шунингдек чет элдаги ҳамюртларимизни қамраб олишга қаратилган.

Дастур аҳолининг турли қатламлари билан ишлаш бўйича катта тажрибага эга бўлган турли жамоат бирлашмалари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари таклифлари асосида ишлаб чиқилди.

Бугун улар дастурда белгиланган кенг кўламли вазифаларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этмоқда. Масалан, “Камолот” ЁИҲ, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика байналмилал маданият маркази томонидан давлат органлари билан яқин ҳамкорликда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ва сайлов фаоллигини янада оширишга қаратилган “Менинг овозим – мамлакатимнинг келажагидир”, “Ўзим овоз бераман”, “Бизнинг оиламизда ҳар ким ўз овозига эга”, “Биз сайлаш ҳуқуқига эгамиз”, “Сайловчилар рўйхатида ўзингни топ”, “Жипс оилада” акциялари ўтказилмоқда.

Тушунтириш ишлари давра суҳбати, семинарлар, учрашувлар, тўғридан-тўғри мулоқотлар, конференциялар ва тренинглар, шунингдек оммавий ахборот воситаларида мақолалар, турли рисолалар, флаерлар ва бошқа тарқатма материаллар тайёрлаш орқали ҳам ўтказилмоқда.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида жамоатчиликнинг кенг иштирок этишини таъминлашга қаратилган бундай чора-тадбирлар ва амаллар амалиётда фуқароларнинг жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш борасидаги конституциявий ҳуқуқини тўлиқ рўёбга чиқаришга кўмаклашади.ф