АҚШ президенти Барак Обама миллиардер Дональд Трамп ўзининг президентлик сайловлари бўйича рақиби Ҳиллари Клинтондан жиноий тақиб қилиш орқали ўч олиш имкониятини изламаслигига умид билдирган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жошуа Эрнест 9 ноябрдаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.  

"Бизнинг қадимий анъаналаримизга кўра, ҳокимият тепасидаги одамлар сиёсий ўч олиш мақсадида жиноий судлов тизимидан фойдаланмайдилар. Президент бу анъаналар сақланиб қолишига умид билдирди", деб жавоб берди Эрнест "Трамп Клинтонга қарши тергов бошлаши мумкинлиги ва бунга Обама қандай муносабатдалигини" билиш мақсадида берилган саволга. 

Аввалроқ Трамп сайловолди штаби бошлиғи Келлиэнн Конуэй янги президент маъмурияти томонидан Клинтонга нисбатан тергов олиб бориш мақсадида махсус прокурор тайинланиши мумкинлигини маълум қилганди. Конуэй Трамп билан охирги вақтда бу ҳақда гаплашмагани, бироқ бундай суҳбат бўлишини айтган.

"Биз охирги кунлар бу масалани муҳокама қилмадик, бироқ ўйлашимча, мавриди келганда бу ҳақда суҳбатлашамиз ", деб таъкидлаб ўтганди Конуэй.