Пахта бўйича Халқаро консультатив қўмита (ПХКҚ)га 1939 йилда АҚШнинг Вашингтон шаҳрида асос солинган бўлиб, унинг мақсади халқаро даражада пахта етиштириш ва уни қайта ишлаш соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга кўмаклашиш, шунингдек пахта толаси экспорти ва импортида қатнашувчи давлатларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Пахта бўйича Халқаро консультатив қўмитанинг ҳар йиллик ялпи мажлислари дунё пахта саноати учун ўта муҳим бўлган масалалар юзасидан мунозара майдончаси вазифасини ўтайди ҳамда ишлаб чиқариш, истеъмол ва савдо соҳалари вакиллари, давлатларнинг арбоблари учун ўзаро муанфаатли масалалар бўйича маслаҳатлар олиб бориш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси 1992 йилда ПХКҚга тўлақонли аъзо бўлиб қўшилган. 1996 йил октябрь ойида ПХКҚнинг ҳар йиллик ялпи мажлиси Тошкент шаҳрида ўтказилган эди.     

Жорий йилнинг 30 октябр-4 ноябрь кунлари Покистоннинг Исломобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси тўлақонли аъзо ҳисобланган Пахта бўйича Халқаро консультатив қўмита (ПХКҚ)нинг 75-ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлис ишида қўмитага аъзо давлатларнинг 400 нафарга яқин вакиллари ва 8 та халқаро ташкилот иштирок этди.   

Ўзбекистон делегацияси ўз маърузаси давомида мажлис қатнашчиларига Ўзбекистон пахта саноатида амалга оширилаётган таркибий янгиланишлар, иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръати ва диверсификацияси, республикамизнинг саноат имкониятлари ортиб бораётгани ҳақида батафсил маълумот бериб ўтилди.

Якунда Ўзбекистон Пахта бўйича Халқаро консультатив қўмита (ПХКҚ)нинг доимий аъзоси сифатида мазкур нуфузли ташкилотнинг 2017 йилги ялпи мажлисига мезбонлик қилиш ва уни ўтказиш бўйтча таклифини бажонидил қабул қилиши ҳамда тадбир XIII Халқаро пахта ярмаркаси билан биргаликда ўтказилиши маълум қилинди.      

Шундай қилиб, пахта бўйича Халқаро консультатив қўмитанинг 75-ялпи мажлиси Декларациясига кўра, қўмитанинг навбатдаги 76-ялпи мажлисини 2017 йил Тошкент шаҳрида ўтказишга қарор қилинди.

Манба: uzpse.uz