Ҳозирги кунда мамлакатимизда сайлов кампаниясининг, таъбир жоиз бўлса, муҳим босқичи — сайловолди ташвиқоти қизғин олиб борилмоқда. Биз сайловчи сифатида ўз қарашларимизни аниқлаб олиш мақсадида номзодлар дастурлари ва партиялар мақсад ҳамда вазифалари билан танишаяпмиз, электорат сифатида улар дастурларидаги устувор йўналишларни ўз манфаатларимиз билан таққослаб, танловимизни амалга оширишга ҳозирлик кўраяпмиз.

Шуни қайд этиш керакки, ҳақиқий ғоялар кураши ёки партиялараро рақобат аудиторияларда, мажлисларда ёки омма олдидаги мунозараларда эмас, балки бизнинг онгу тафаккуримизда кечади. Чунки айнан биз уларнинг ғоя ва мақсадларини чуқур таҳлил қиламиз, етти ўлчаб, бир кесамиз.

Бугун сиёсий партиялар фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Уларнинг эмин-эркин фаолияти, мамлакат сиёсий ҳаётида, давлат аҳамиятига молик долзарб қарорларни қабул қилишда фаол иштирок этиши учун яратилган имкониятлар партияларнинг сиёсий куч сифатидаги ижтимоий таъсирини сезиларли даражада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Сиёсий фаол фуқароларнинг партия ­ташкилотларига бирлашиши уларга ўз ­ижтимоий, иқтисодий ва маданий манфаатларини илгари суриш имконини бермоқда.

Зеро, сиёсий жараёнларда қатнашиш, унда барча фикр ва қарашлар ҳамда эҳ­тиёжлар ўз ифодасини топиши аҳоли кенг қатлами манфаатларига жавоб берадиган мақбул ва тўғри қарорларни қабул қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Конституциямизга биноан, сиёсий партиялар турли табақа ва гуруҳларнинг сиёсий иродасини ифодалайдилар ва ўзларининг демократик йўл билан ­сайлаб қўйилган вакиллари орқали давлат ҳокимиятини тузишда иштирок этадилар. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, ­сиёсий партиялар Олий Мажлисга, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўз номзодларини кўрсатади. Ўзбекистон

Республикаси Президентлигига фақатгина ­сиёсий партиялар номзод кўрсатиши ­мумкин. Шу маънода, сайловлар партияларнинг сиёсий таъсирини янада кучайтириш ҳамда дастурий мақсадларига ­эришишда муҳим воситага айланмоқда.

Жорий йилги Президент сайловида мамлакатимизда фаолият юритаётган барча партия — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси иштирок этмоқда. Уларнинг ҳар бири давлат ва жамият қурилишининг муҳим масалалари юзасидан электорат интилишларидан келиб чиққан ҳолда, ўз нуқтаи назарларини илгари сурмоқда.

Мисол учун, “Миллий тикланиш” демократик партияси электорати ижодкор зиёлилар, маданият, санъат ва ахборот соҳалари ходимлари, ёшлар, ҳунармандлар ҳисобланади. ЎзЛиДеП эса ўрта мулк­дорлар синфи — тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерлар манфаатларини ҳимоя қилади. ЎзХДП электорати давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари, шу жумладан, пенсионерлар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар, моддий ёрдам ва ижтимоий нафақа олувчилар, шунингдек, ижтимоий ёрдам ҳамда ижтимоий муҳофаза билан шуғулланаётган бюджет ва бошқа ташкилотлар ходимлари ҳамда ушбу соҳанинг бошқа вакилларидир. “Адолат” СДП эса бюджет соҳаси ходимлари, педагоглар, шифокорлар, муҳандис-техник ва илм-фан, хизмат кўрсатиш тизимлари вакилларида ўз таянчини кўради.

Конституция ва қонунларимизда ­сиёсий партиялар фаолияти эркинлигининг кафолатлари билан бир қаторда, қатъий ­талаблар ҳам белгиланган. Уларга мувофиқ, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ­ирқий ва диний адоватни тарғиб этувчи, ­халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек, ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг тузилиши ва фаолияти тақиқланади.

Сиёсий партиялар фаолиятининг аниқ тартибга солингани сиёсий мулоқот ҳамда партиялараро рақобатнинг маданий кўринишлари қарор топишини таъминлайди.

Биз сиёсий партияларнинг дастурий ҳужжатларини атрофлича ўрганиб, таҳлил қилдик. Сайловчиларга ўз қарашларини аниқлаб олиш учун ёрдам бериш мақсадида уларнинг фарқлари ва умумий ­жиҳатларини қиёслаб кўрдик.

“Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакат иқтисодий тараққиётининг устуворлигини ҳисобга олган ҳолда, авваламбор, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қолаверса, халқимизнинг ноёб маънавий бойлиги ва тарихий меросини тарғиб этиш орқали туризм соҳасини жадал ривожлантиришни муҳим омил сифатида баҳолайди. Ўз навбатида, ЎзЛиДеП тадбиркорлик, кичик бизнес, фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришни ҳар томонлама рағбатлантириш ҳамда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтиришга алоҳида эътибор қаратади. ЎзХДП эса бозор иқтисодиёти шароитида давлатнинг асосий тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб, партия вакилларининг фикрича, бу бозор механизмлари ҳамда давлат томонидан ўрнатилган ижтимоий ­сиёсат соҳасидаги аниқ меъёр ва қоидаларнинг самарали ишлашига, аҳолининг кам таъминланган қатлами учун қулай имкониятларни яратишга хизмат қилади. “Адолат” СДП иқтисодиётнинг инновацион ривожланиши, ресурс ва энергия ресурсларини тежайдиган илғор технологияларни кенг жорий этиш тарафдори бўлиб, бу соҳани улкан салоҳиятга эга, деб билади.

Сиёсий партияларнинг ижтимоий масалаларни ҳал қилишдаги мақсадлари кўп ҳолатларда ўзаро яқин бўлса-да, лекин ҳар бир партия ушбу йўналишда аниқ мақсадга эришиш учун ўз механизм ва йўлларини белгилаб олган. Мисол учун, “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз дастурида оилаларни ҳимоя қилиш, маънавий ва жисмоний жиҳатдан соғлом она, болалар, ёшлар масаласига, шунинг­дек, фаровон келажак асоси сифатида жамиятнинг ахборот-ғоявий хавфсизлигини таъминлашга устувор аҳамият қаратган. ЎзЛиДеП эса ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ҳар бир инсон салоҳиятини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш тарафдори ҳисобланади. ЎзХДП аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш борасида кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш тарафдоридир. “Адолат” СДП эса аҳолининг даромади, мулки бўйича ҳамда ижтимоий хизматлардан фойдаланишида кескин табақаланишнинг олдини олишга устувор вазифа сифатида қарайди.

Ижтимоий-сиёсий ҳаётда “Миллий тикланиш” демократик партияси миллати, дини ва эътиқоди, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, Ўзбекистон халқи ва барча фуқароларнинг бирдамлигини мустаҳкамлаш, миллий тикланиш ғоясини ривожлантиришга хизмат қиладиган анъанавий миллий демократик инс­титутларни қўллаб-қувватлайди. ЎзЛиДеП давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини изчил демократлаштиришни давом ­эттиришга ҳамда хусусий мулк дахлсизлиги кафолатларини мустаҳкамлашга интилади. ЎзХДП давлатнинг ролини мус­таҳкамлаш, пенсионерлар, ногиронлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож ­бошқа қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш, ушбу қатламни қўллаб-қувватлашга доир давлат қарорларининг самарали бажарилиши юзасидан маҳаллий давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, фуқаролар йиғинлари масъулиятини оширишга урғу беради. “Адолат” СДП ўз дастурида “ялпи фаровонлик давлати”ни яратиш, эркинлик, тенглик, ижтимоий адолат, бирдамлик ва инсонпарварлик, камситишга йўл қўймаслик сингари тамойилларни ­мустаҳкамлаш бўйича вазифаларни белгилаб олган.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ишончли кафолатларини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда. Суд ҳокимиятини мустаҳкамлаш йўлидаги ислоҳотлар натижасида жамиятда адолатга, судларга ишонч юксалмоқда. Маъмурий ва жиноят қонунчилигининг изчил либераллаштирилиши инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари ҳимоясини кучайтиришга, жамиятда қонунга ҳурмат ва итоат ҳисси юксалишига хизмат қилмоқда. Табиийки, сайловчиларимиз мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг давом эттирилишидан манфаатдор. Шу боис сиёсий партиялар ўз дастурларида ушбу масалага алоҳида ёндашганлар.

Масалан, “Миллий тикланиш” демократик партияси халқимизнинг миллий анъана ва урф-одатларини ўзида акс эттирган, унга хос бўлган мурувват, кечиримлилик, инсонпарварлик ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатлар суд амалиётига жорий этилишини устувор вазифаларидан, деб билади. ЎзЛиДеП мулкдорлар, тадбиркорлар, фермерлар ва ишбилармонларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоясини таъминлашга, хўжалик низоларини ҳал қилишнинг муқобил, суддан ташқари шаклларини ривожлантиришга муҳим эътибор қаратиб келади. ЎзХДП аҳолининг кам таъминланган қатламлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиши учун судга мурожаат этиши имкониятларини кенгайтириш тарафдори ҳисобланади. “Адолат” СДП судлар фаолиятининг очиқ ва ошкоралиги, суд жараёнида томонларнинг тенглиги ва холис тортишув тамойилларини кучайтириш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти устидан самарали суд ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга интилади.

Партия ташкилотларининг давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этишининг ҳуқуқий механизмлари яратилгани уларнинг сиёсий таъсири ўсишига хизмат қилмоқда. Бугунги кунда сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига ўз номзодини кўрсатиш бўйича мутлақ ҳуқуқидан фаол фойдаланмоқда. Бу уларга партия ва электорат манфаатларини қонун лойиҳалари, муҳим давлат дастурларини ­ишлаб чиқиш ва қабул қилиш орқали илгари суриш имконини бераяпти. Мамлакат Бош вазири номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча ­сиёсий партия томонидан таклиф этилади. Шундай қилиб, сиёсий партиялар ижро ҳокимиятини шакллантиришда иштирок этади, ҳукумат раҳбарининг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш орқали унинг фаолиятига таъсир кўрсатади.

2015 йилнинг март ойида иқтисодий, сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларида дастурий мақсадлари ҳамда нуқтаи назарлари яқинлигини ҳисобга олиб, ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари ўз саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, парламент қуйи палатасидаги кўпчиликни, яъни Демократик кучлар блокини тузишди. Бу сиёсий партияларга қонунлар лойиҳаларини ­ишлаб чиқиш, муҳим давлат дастурларини қабул қилиш, назорат-таҳлил фаолиятини олиб боришда ўз дастурий мақсадларини илгари суришида кенг имкониятлар тақдим қилмоқда.

Ўз навбатида, Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва “Адолат” социал-демократик партияси фракциялари ўзларини парламент мухолифи, деб эълон қилиб, қонунчиликда белгиланган ҳуқуқ ва ваколатларидан фойдаланган ҳолда, ўз электорати манфаатларини изчил ифодалаш ҳамда илгари суриш бўйича вазифаларни белгилаб олишди. Қатор қонунлар, мамлакат Давлат бюджети муҳокамасида Демократик кучлар блоки ҳамда мухолиф фракциялар фикр-мулоҳазалари ҳар томонлама ўрганиб чиқилди ва парламент томонидан ­тегишли ҳужжатлар қабул қилинаётганда булардан фойдаланилди.

Шу кунларда сайлов кампанияси қизғин паллага кирди. Сиёсий партиялар Президентликка номзоднинг дастуридаги мақсад ва вазифаларни кенг ташвиқот қилиш асносида ўз ғояларини ҳам тарғиб этмоқда, партия электорати ва тарафдорлари сонини кўпайтириш мақсадида партия дастурларини ҳам оммалаштиришга ҳаракат қилаяпти. Шу билан ўз салоҳиятини кучайтириб олмоқда. Алоҳида қайд этиш керакки, қонунчиликка биноан, партияларга сайловолди ташвиқотини олиб боришда тўлақонли тенг имкониятлар тақдим қилинган бўлиб, бу сайловчиларнинг ўз қарорини эркин қабул қилишига ёрдам беради.