Украина президенти Петро Порошенко Михаил Саакашвилини Одесса вилояти губернатори лавозимидан озод қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Порошенко матбуот хизмати маълум қилди.

Матбуот хизматида маълум қилинишича, бошқа бир фармонга кўра грузиялик сиёсатчи Украина президентининг штатдан ташқари маслаҳатчиси лавозимидан ҳам озод этилган.

Грузиянинг собиқ президенти Саакашвили 7 ноябрда ўз лавозимидан кетишини маълум қилганди. У ўзининг бу қарорини давлатнинг биринчи шахсларининг коррупцияга алоқадорлиги сабабли бу иллат билан курашиш имкони йўқлиги билан тушунтирган.

Саакашвили 2015 йилнинг 30 май куни Одесса вилояти губернатори этиб тайинланган, ўша куниёқ унга Украина фуқаролиги берилган.