Мадриднинг «Реал» жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду O Jogo нашрига берган интервьюсида Лиссабоннинг «Спортинг» клубида ўйнаган вақтида кўплаб клубларнинг эътиборига тушгани ҳақида гапирди.

Футболчи португаллар жамоасида 2002-2003 йилларда ўйнаганди. Кейин эса фаолиятини «Манчестер Юнайтед»да давом эттира бошлади.

«Спортинг»да ўйнаган пайтимда мен билан кўплаб клублар қизиққан. «Барселона» ҳам мени сотиб олмоқчи бўлганди. Шунингдек, «Арсенал», «Интер» ва «Валенсия» ҳам.

«Манчестер Юнайтед» эса астойдил қизиққан, бош мураббий Алекс Фергюсон мен билан шахсан гаплашиб олган. Бу кутилмаган воқеа ва сюрприз бўлган», деган Роналду.

Аввалроқ, 2003 йилда Роналду Фергюсон билан суҳбатлашиб олгандан 2 кун ўтиб, «МЮ» футболчисига айлангани ҳақида хабарлар чиққан эди.

Роналду 2009 йилда рекорд даражадаги трансфер орқали «Қироллик клуби» сафига ўтди. Бир неча кун олдин у жамоа билан шартномасини 2021 йилгача узайтирди.