Сингапур давлат мулозимлари келаси йилдан бошлаб, хизмат вазифаларини бажариш мақсадида яқинда Facebook компанияси томонидан ишлаб чиқилган Workplace мулоқотидан фойдаланади. Бу ҳақда, Сингапур ходимлар билан ишлаш давлат агентлиги раҳбари Питер Онг маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, Сингапур ҳукумати ушбу янгиликдан фойдаланувчи дунёдаги илк мамлакат бўлади. Бунда мобил технологиялардан фойдаланишда хавфсизлик жиҳатларига жиддий эътибор қаратилган. 

Эслатиб ўтамиз, Facebook компанияси Workplace хизматини октябрь ойи бошида тақдим қилган эди. У жаҳон бўйлаб ҳамкасблар билан реал вақтда мулоқот олиб бориш, гуруҳларда муҳокама қилиш ва тақдимотларни кўриш имконини беради. Айни вақтда, дунёдаги мингдан ортиқ ташкилот синов тариқасида ундан фойдаланади. Бу хизмат айниқса, Ҳиндистон, АҚШ, Буюк Британия ва Францияда кенг тарқалган.