Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари  Ассоциацияси (ЖШОДА-ASEAN) билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдордир. ШҲТ бош котиби Рашид Алимов ASEAN мамлакатлари элчилари билан ўтказган учрашувида шундай баёнот берган, деб хабар қилмоқда ТАСС агентлиги. 

"Минтақавий ташкилотларнинг ўрни тобора ўсмоқда, уларнинг жаҳон геосиёсий кун тартибига таъсири кучайиб бораяпти. Бу глобаллашув ва халқаро муносабатларнинг ҳозирги босқичидаги минтақалашув билан ўзаро боғлиқлик тенденциясини холис акс эттиради", - деган Алимов учрашув ниҳоясида. 

Унинг фикрича, "ASEAN Осиё-Тинч океани минтақасида етакчи халқаро тузилмалардан бири ҳисобланади. Шарқий Евроосиё ҳудудида эса, кўпчилик тан олганидек ШҲТ етакчи ташкилотдир". 

ШҲТ ва ASEAN ўртасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига терроризм ва трансмиллий жиноятчилик, гиёҳванд моддалар ва қурол-яроғлар контрабандаси, ноқонуний даромадлар ўтказмаси ва ноқонуний муҳожирликка қарши кураш, хўжалик ва молия, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш соҳаларини киритиш мумкин. 

Шу муносабат билан, Алимовнинг билдиришича, икки ташкилот котибиятлари ўртасидаги англашув меморандумининг янгиланган лойиҳаси тайёрланган бўлиб, мазкур ҳужжат ШҲТнинг 2017 йил 9 июнда бўлажак Остона саммитида имзоланиши ҳам мумкин.