“Ўзэкспомарказ”да Халқаро мева-сабзавот ярмаркаси якунланди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.

Халқаро ярмаркада ҳўл ва қуруқ мевалар, цитруслар, сабзавотлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқлар, зираворлар, ичимликлар, қадоқлаш технологиялари, совутиш ускуналари, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар ишлади. Ўзбекистон мева-сабзавотчилик соҳаси ютуқлари ва янгиликлари барча вилоятлар экспозицияларида кенг намойиш этилди. 

Кўргазмада ҳам фермер хўжаликларида етиштирилган ноз-неъматлардан ташқари, мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослашган йигирмадан ортиқ корхона маҳсулот намуналари кенг намойиш этилди. Натижада помидор, бодринг ва дуккакли экинлар етказиб бериш бўйича 25 миллион долларлик шартнома тузилди.
Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида АҚШ, Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Япония, Италия, Франция, Малайзия, Ҳиндистон, Россия, Латвия, Озарбайжон, Қозоғистон, Туркманистон, Эрон, Афғонистон каби мамлакатлардан икки юздан зиёд ишбилармон доиралар вакиллари қатнашгани чет эл ишлаб чиқарувчилари ҳамда савдо компанияларининг Ўзбекистон билан ҳамкорликдан манфаатдорлиги ошаётганини кўрсатди.

Анжуман доирасида иштирокчилар Тошкент, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Жиззах вилоятларидаги корхоналар, фермер хўжаликлари ва боғларда бўлиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар самаралари, мева-сабзавот етиштириш, сифатли сақлаш ва қадоқлаш тизими, экспортга тайёрлаш жараёни билан бевосита танишди.