“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига бағишланган ижтимоий сўров ўтказилди. Унда фуқароларнинг сайлов кампаниясидан хабардорлиги, оммавий ахборот воситаларининг ушбу сиёсий тадбирни ёритиш борасидаги фаолиятига муносабати, аҳолининг электорал кайфияти ўрганилди.

Тадқиқот мамлакатимизда ­мустақиллик йилларида амалга оширилган демократик ислоҳотлар фуқаролар томонидан қўллаб-қувватланаётганини кўрсатди. Бу ўзгаришлар фуқароларнинг сиёсий жараёнда иштирок этишга оид ҳуқуқларини тўлиқ таъминлашга қаратилгандир. Сўровда қатнашганларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 95 фоизи Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа эканлигини қайд этиб, овоз беришда қатнашиш зарурлигини теран англашларини билдиришган. Уларнинг аксарияти Президент сайлови кампаниясидан юқори даражада хабардорлигини билдирган. Бу ҳам мамлакатимиз аҳолисининг ­сиёсий ва ҳуқуқий маданияти ­юксалаётганини кўрсатади.

Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекис­тон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастурининг изчил амалга оширилиши фуқароларнинг юксак электорал фаоллигига хизмат қилмоқда. Унга мувофиқ, мустақиллик йилларида шакллантирилган миллий сайлов қонунчилигининг мазмун-моҳияти юзасидан аҳоли ўртасида кенг кўламли тушунтириш ишлари олиб ­борилаяпти.

Республикамизнинг барча ҳудудидан бўлган респондентларнинг 89,5 фоизи, хусусан, биринчи марта овоз берадиган ёш йигит-қизларнинг аксарияти сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган сиёсий партиягина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги қонунчилик талабини билишади. Сўровда қатнашганлар шундан яхши хабардорки, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 242-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар кўрсатиш ­сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан амалга оширилади. Сиёсий партиянинг юқори органи Ўзбекистон Республикаси Президентлигига биттадан номзод кўрсатиши мумкин. Сиёсий партия Президентликка фақат ўз партияси аъзолари орасидан ёки партиясизни номзод этиб кўрсатишга ваколатлидир. Сўров иштирокчиларининг 85,2 фоизи Ўзбекистон Президенти­ умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан беш йил муддатга сайланишини яхши ­билади.

Сайлов ҳуқуқига эга респондентларнинг 95 фоизи шу йилнинг 4 декабрь куни бўладиган Президент сайловида, ўз хоҳишига кўра, албатта, қатнашажагини маълум қилган. Аҳолининг юксак электорал фаоллиги сайловлар эркин, ҳалол ва очиқ, энг муҳими, муваффақиятли ўтказилишидан далолат беради.

Ўзбекистон халқи учун ­Президент сайловида иштирок этиш нимани англатади?

Ушбу саволга сўровда қатнашганларнинг 41,3 фоизи бу уларнинг фуқаролик бурчи бўлгани учун овоз беришларини маълум қилишган. 31,8 фоизи эса сайловда иштирок этиш Ватанимиз келажаги учун масъулият эканлигини айтишган. Респондентларнинг 21,3 фоизи фикрича, сайловда қатнашиш ўз муносабатини билдириш ҳамда муносиб номзод учун овоз бериш имкониятидир. Сайлов участкасига келиш ва овоз бериш аксарият юртдошларимиз учун мамлакат равнақи, унинг келажагига бўлган самимий туйғуси ифодасидир.

Сўровда иштирок этганлар Президент сайловида қатнашишдан нималар кутаётганини маълум қилишди. Хусусан, сўров иштирокчиларининг 41,2 фоизи Ўзбекистонда бундан кейин ҳам тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик таъминланишига ишонишади. Айни пайтда 24,5 фоизи сайловларни ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, аҳоли турмуш даражаси ва сифати изчил ўсиши билан, 14,5 фоизи жамият ҳаётининг барча жабҳасида ижобий ўзгаришлар билан, 12,7 фоизи демо­кратия ва фуқаролик жамияти ­ривожланиши ­билан боғлаган.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентлигига номзодлар қандай шахсий фазилатларга эга бўлиши керак, деган саволга сўровда иштирок этган ҳамюртларимиз юксак заковат, мустаҳкам ирода, ҳалоллик ва тартиблиликни ўзида жо этган номзодга овоз беришини маълум қилган. Номзодларнинг устувор фазилатлари сифатида давлат даражасида фикрлай олиши, сиёсий раҳбарлик тажрибаси, юксак малака, бошқарувнинг замонавий кўникмаларидан хабардорлиги, билимли, демократик тамойилларга, миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлиги, аҳолининг турли ижтимоий қатламлари орзу-умидларини ҳамда манфаатларини ҳисобга олиш истаги ва интилиши, фаол фуқаролик нуқтаи назарига эга бўлиши кўрсатиб ўтилган.

Сўров натижаларидан шу нарса маълум бўлдики, мамлакатимизда сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, Президент сайлови мазмун-моҳиятини тушунтириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, оммавий ахборот воситаларида сайлов кампанияси атрофлича ёритилаётгани сайловчиларнинг электорал фаоллигига ижобий таъсир кўрсатган. Сайлов кампаниясини ёритишда давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситалари томонидан очиқлик ва ­сиёсий плюрализм таъминланиши аҳоли электорал фаоллигининг муҳим шарти, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бош­қаришда иштирок этишга бўлган хоҳиш-истаги ва интилишини рўёбга чиқариш омилидир.

Умуман, респондентлар Миллий телерадиокомпанияни сайлов кампанияси ҳақида асосий ахборот манбаи сифатида қайд этишган. Қишлоғу шаҳарлардаги мутлақ кўпчилик респондентлар Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида асосий ахборот ва маълумотларни мамлакатимиз давлат телерадиоканаллари дастур ва телекўрсатувларидан, босма нашрлардаги мақолалардан олишаётганини таъкидлашган. Сўровда қатнашганларнинг мутлақ кўпчилиги, яъни 99,4 фоизи сайлов кампанияси билан боғлиқ барча воқеаларни кузатиб боришаётганини айтган.

Энг муҳими, тадқиқот натижалари фуқароларимизнинг миллий сайлов тизимимизга бўлган ­юксак ишончини кўрсатди. Улар сайлов демократия талаблари асосида ҳалол ва адолатли ўтказилишига ишонишади. Респондентларнинг аксарияти 2016 йилнинг 4 декабрь куни бўладиган ­Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишини билдиришди.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик
фикрини ўрганиш маркази
материаллари асосида тайёрланди.