Бокс бўйича Россия терма жамоаси аъзоси Миша Алоян Рио-2016 Олимпиадасида қўлга киритган кумуш медалидан маҳрум бўлиши мумкин. Бу ҳақда Olamsport хабар бермоқда.

Fancy Bears хакерлик гуруҳи томонидан Бутунжаҳон антидопинг агентлигининг (WADA) Олимпиадада допинг аниқланган спортчилар рўйхатига кўра, қора рўйхатда Алоян ҳам бўлган.

Миша 21 август куни допинг-тест топширганди. Унинг қон таркибида тақиқланган модда борлиги аниқланган. Боксчининг мураббийи Миша шамоллаб қолгани учун бу препаратни қабул қилганини айтмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Миша Алоян Рио Олимпиадасининг финал жангида ҳамюртимиз Шаҳобиддин Зоировга имкониятни бой бериб қўйган эди.