АҚШнинг Федерал авиация бошқармаси АҚШнинг янги президенти этиб сайланган  Дональд Трампнинг бош қароргоҳи жойлашган Trump Tower биноси устидан парвозсиз ҳудудни киритди. Бу ҳақда бошқарманинг 10 ноябрда чоп этилган баёнотида айтилган.

Бино Манхэттен туманида жойлашган. Парвозсиз ҳудуд радиуси 3,5 км га яқинни ташкил қилади. Бу ҳудуд ичида 5550 метрдан паст баландликда бошқарилувчи ва учувчисиз парвоз қурилмаларининг парвозлари тақиқланади. Фақатгина ҳарбий, фавқулодда хизматлар ва давлатнинг биринчи шахслари, шунингдек Трампнинг самолётлари учун учишга рухсат берилади.

Худди шундай чоралар вице-президент этиб сайланган, Индиана штати губернатори Майкл Пенс қароргоҳи устида ҳам кўрилган. Парвозларга тақиқлов Трамп ўзининг янги лавозимига расман киришадиган куннинг эртасига, яъни 2017 йил 21 январда бекор қилинади. Маълум қилинишича, қоидабузарларга нисбатан ҳарбий авиация қўллашгача чоралар кўрилиши мумкин.

АҚШнинг президенти этиб сайланган шахсларнинг қароргоҳлари устидан парвозсиз ҳудудларнинг киритилиши оддий ҳол ҳисобланади.