АҚШнинг янги биринчи хоними Меланья Трампнинг баёнот беришича, у интернетдаги адолатсизликка қарши курашади. Бу ҳақда, CNN телеканали хабар қилмоқда.

Унинг биринчи хоним сифатидаги фаолиятининг асосий йўналишларидан бири, аёллар ва болаларга кўмак беришдан ташқари, кибербезориликка қарши курашиш ҳам бўлади.
 
Таъкидланишича, унинг турмуш ўртоғи ўз рақибларининг ташқи кўринишлари ва ақлий салоҳиятларини ижтимоий тармоқларда бир неча маротаба масхара қилган бир вақтда, Меланья интернетдаги пасткашликка барҳам бериш борасида ваъда бериб, «Америка маданияти қўпол ва пасткаш» бўлиб қолганини таъкидлаган.

«Болалар бир-бирини мазах қилиб, қўрқитишгани яхши эмас. Бу каби воқеалар болалар майдончасида бўлаётгани хавотирли бўлса, уларнинг интернет учун суратга ҳам олинишини қандай қабул қилиш мумкин? Биз бир-биримиз билан мулоқотнинг ва болаларимиздаги меҳрибонликни қўллашнинг бошқа самарали усулларини топишимиз керак», — деган Меланья Пенсильвания штатида қилган чиқишида. 

Телеканалга кўра, биринчи хонимнинг фаолияти Дональд Трампнинг муҳожирликка қарши қаттиқ сиёсатида мувозанатни тиклаши мумкин. 

Меланья Трампнинг сўзларига кўра, 2006 йилда АҚШ фуқаролигини олиши унинг учун «дунёдаги энг буюк имтиёз»дир. Собиқ модель, миллиердернинг рафиқаси 2017 йил 20 январидан кейин АҚШ тарихида иккинчи асли хорижлик биринчи хоними бўлади.