Япония ва Ҳиндистон тинч мақсадларда атом энергетикаси соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳақидаги келишувни имзолади. Бу келишув бу соҳадаги япон технологиялари ва қурилмаларини ядровий қуролни тарқатмаслик ҳақидаги келишув иштирокчиси ҳисобланмайдиган Ҳиндистонга етказиб беришни кўзда тутади, деб хабар бермоқда "Киодо" ахборот агентлиги.    

Келишув Токиода Япония бош вазири Синдзо Абэ ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ўртасидаги музокаралардан кейин имзоланди. Абэнинг таъкидлашича, ушбу ҳужжат Ҳиндистон тинч атом энергетикасининг ривожланишини таъминлайди. Моди эса "бу келишув Япония билан тоза энергия манбалари соҳасидаги алоқаларни  ривожлантириш учун тарихий қадам" бўлганини таъкидлаб ўтди.     

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Япониянинг баъзи жамоатчилик ташкилотлари Ҳиндистон билан имзоланган бу келишувга қарши чиқдилар. Уларнинг фикрича, келишув 2011 йил мартида Япониянинг "Фукусима-1" АЭСидаги авариядан кейин атом энергияси хавфсизлиги борасидаги хавотирлар ҳисобга олинган ҳолда Япония қўллаб-қувватлайдиган ядровий қуролни тарқатмаслик мақсадларига қарши келади. 

Бироқ келишувга иловада Япония билан ҳамкорлик Ҳиндистон томондан ҳарбий мақсадларда қўлланмаслиги кўзда тутилган. Ҳиндистон томондан ядровий синовларга тақиқлов бузилган ҳолатда, Токио атом соҳасида ҳамкорликни тўхтатади.

Келишув кучга киргунча Япония ҳукумати уни 2017 йилда парламентда ратификация қилишга умид билдирмоқда.

Ахборот агентлигининг қайд қилишича, Абэ ва Моди шунингдек 2023 йилгача Ҳиндистоннинг Мумбай ва Аҳмадобод шаҳарларини Япониянинг синкансэн (тезкор магистраллари) технологияси ёрдамида супер-экспресслар учун 500 км лик юқори тезликдаги темир йўл билан боғлаш лойиҳасини имзоладилар. 12 ноябрда иккала бош вазир бундай экспрессда Кобэ шаҳрига саёҳат қилишади ва Японияда тезкор поездлар қурувчи Kawasaki Heavy Industries компанияси заводига ташриф буюришади

Агентлик Япония ҳукуматидаги манбаларга иқтибос келтирган ҳолда маълум қилишича, Абэ Ҳиндистон билан мудофаа ва террорчиликка қарши кураш соҳаларида ҳам ҳамкорликни кенгайтиришга умид қилмоқда.