Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев республика вазирлар маҳкамасини тайинлаш ҳақидаги фармонини имзолади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги мамлакат президенти матбуот хизматига асосланиб хабар берган.

«Президент фармони имзоланган вақтидан бошлаб кучга киради», — дейилган президент сайтидаги хабарда.

26 октябрь куни Атамбаев ҳукуматни истеъфога чиқариш ҳақидаги фармонини имзолаганди. Бунга Қирғизистон социал-демократик партияси «Ота-макон» партияси билан конституцион ислоҳот борасида келиша олмагани учун парламентдаги коалициядан чиққани сабаб бўлди.

3 ноябрь куни Қирғизистон социал-демократик партияси, шунингдек, «Бир бўл» ва «Қирғизистон» партиялари ягона парламент коалициясини ташкил этишга келишди. Яқин бир неча кун ичида коалицион келишувни имзолаган партиялар янги ҳукумат структурасини шакллантиради.

Қирғизистон ҳукуматининг янги таркиби аввалгисидан деярли фарқ қилмайди. Бош вазир Сооронбай Жээнбеков, шунингдек, бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг деярли барчаси ўз лавозимини сақлаб қолди. Бош вазир ўринбосари Гульмира Кудайбердиева Қирғизистон таълим ва фан вазири этиб тайинланди, унинг ўрнини эса «Қирғизистон» партияси депутати Чолпон Султанбекова эгаллади. Қирғизистон ички ишлар вазири Қашқар Жунушалиев ўрнини Қирғизистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси аксилкоррупцион хизматининг эндиликда собиқ раҳбари Улан Исроилов эгаллади.