Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Азизбек Ҳайдаров ЖЧ-2018 саралаши доирасида Жанубий Кореяга қарши кечадиган ўйинга бормайди. Бу ҳақда футболчининг агенти Санъат Шарипов ўзининг твиттердаги саҳифасида эълон қилди. 

"Breaking News: Азизбек Ҳайдаров Жанубий Кореяга қарши ўйинда иштирок этмайди. У бугунги машғулотда яна жароҳат олди ва терма жамоа лагерини тарк этди", - дея ёзган манба. 

Ҳайдаров 10 ноябрь куни бўлиб ўтган Иорданияга қарши ўртоқлик ўйинида бир неча дақиқа ҳаракат қилганди. 

У билан бир амплуа вакили бўлган таянч ярим ҳимоячиси Вадим Афонин 4 йиллик танаффусдан кейин терма жамоага таклиф этилганди. Кўп эҳтимол билан айнан у Жанубий Кореядаги ўйинда асосий таркибда ҳаракат қилади.

Жанубий Кореяга қарши ўйин 15 ноябрь куни Сеулдаги "World Cup" стадионида ўтказилади.