АҚШ демократик партиясидан АҚШ президенлиги праймеризларининг собиқ иштирокчиси, Вермонт штатидан сенатор Берни Сандерс АҚШнинг янги президенти этиб сайланган Дональд Трампни мусулмонларга нисбатан таҳқирловчи сиёсатни олиб бормасликка чақирди. Бу ҳақда "Интерфакс" ахборот агентлиги хабар бермоқда.

"Бу Америка ва биз тегишли ҳужжати бўлмаган 11 млн кишини ташқарига қувиб чиқармоқчи эмасмиз. Биз дунёнинг энг катта динларидан бирига, мусулмонларга қарши чиқмоқчи эмасмиз", деб айтди Сандерс CNN телеканали эфирида.  

Сандерс "ўзлари улғайган давлатда ўзларининг тақдири учун қўрқувчи мусулмон болаларини кўришни истамаслигини" айтди. Унинг айтишича, "бу Америкага хос эмас".

Шу билан бирга сенатор Трампдан ишловчи оилаларга нисбатан берган ваъдаларини бажаришни талаб қилиш лозимлигини айтди.

"У ишловчи оилалар ҳимоячиси бўлишини айтган. Умид қиламанки, у соатига 8 ёки 9 долларга ишловчи одамларнинг энг кам иш ҳақини улар лойиқ бўлган даражагача кўтаради", деб айтди Сандерс.

Сенатор шунингдек янги президент аёллар ва эркаклар маошини тенглаштиришига умид билдирди.

"Мен у аёллар маошини эркакларники даражасига кўтаради, деб умид қиламан. Эркаклар бир доллар олганда, аёллар 79 цент олмаслиги лозим", деб таъкидлаб ўтди Сандерс.